Экологик ва ижтимоий рискларни бошқариш масалалари банк Кузатув кенгашининг диққат марказида

Бугунги кунда ер шаридаги экологик ва ижтимоий муаммолар бутун инсониятга таҳдид солмоқда. Шунинг учун ҳам узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш мақсадида бутун дунёда компания ва ташкилотлар фаолиятида барқарор ривожланишга катта эътибор қаратилмоқда.


Бунда, барқарор ривожланишни таъминлаш корпоратив бошқарувнинг асосий вазифаларидан бирига айланди. Банклар ҳам барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қиладиган лойиҳаларни молиялаштириш орқали ушбу йўналишда муҳим ўрин тутиб келмоқда.


Инвесторлар компания ва ташкилотларнинг экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) омиллари бўйича самарали фаолият юритиши узоқ муддатли рентабелликка бевосита таъсир қилишини тобора кўпроқ тушуниб етмоқдалар. Шундай қилиб, кўплаб раҳбарлар ҳамда компания ва ташкилотларнинг бошқарув (коллегил) органлари ўз стратегиясини экологик, ижтимоий ва бошқарув омилларини инобатга олган ҳолда белгилаш лозим деган хулосага келишмоқда.


Шу муносабат билан, банкнинг трансформация ишлари бўйича ҳамкори – Халқаро молия корпорацияси (ХМК) томонидан банк Кузатув кенгаши аъзолари учун мазкур масалага бағишланган махсус вебинар ташкиллаштирилди. Вебинарнинг асосий мақсади экологик ва ижтимоий рискларни бошқаришда Кузатув кенгаши ролини оширишдан иборат бўлди. Вебинар давомида экологик ва ижтимоий рискларни бошқариш йўналишидаги ишларни такомиллаштириш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, келгусидаги устувор мақсад ва вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.


Йиғилиш давомида бу соҳа Ўзбекистон Республикаси банк тизими учун нисбатан янги йўналиш эканлиги ҳамда “Ипотека-банк” АТИБ мамлакат банк тизимида биринчилардан бўлиб экологик ва ижтимоий рискларни бошқариш тизимини ХМК ва ЕТТБ каби етакчи халқаро молия ташкилотлари талаб ва андозалари асосида ишлашини таъминлаб келаётгани қайд этилди. Бундан ташқари, вебинар иштирокчилари томонидан банкда экологик ва ижтимоий рискларни бошқариш самарадорлигини ошириш истиқболлари кенг муҳокама қилинди.

On-line маслаҳатчи
Қўнғироқни буюртма қилиш